ЮНОПСнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директорининг Ўзбекистонга ташрифи
17 mart 2023
ЮНОПСнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори жаноб Моин Карим Ўзбекистондаги уч кунлик ташрифини ҳукумат вакиллари, ЮНОПС ҳамкорлари ва манфаатдор томонлар билан учрашувлардан сўнг якунлаб, минтақада амалга оширилаётган ташаббусларни муҳокама қилди.
15-17 март кунлари давом этган ташрифи давомида, жаноб Kaрим ҳукуматнинг юқори лавозимли вакиллари, шунингдек, ЮНОПСнинг маҳаллий ва халқаро манфаатдор томонлар ва ҳамкорлари билан учрашиб, Ўзбекистонда БРМ 3 – Соғлик ва фаровонлигига катта ҳисса қўшаётган иккита лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими тайёргарлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари ва муҳим жиҳатларига бағишланган йиғилишлар доирасида Ислом тараққиёт банки (ИсТБ) кредит маблағлари ҳисобидан “Ўзбекистон Республикаси онкологик муассасаларини модернизация қилиш”, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки (АБИИ) кредит маблағлари ҳисобидан “Коронавирус пандемиясига қарши фавқулодда чоралар кўриш” лойиҳалари муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНОПС ўртасида инфратузилма, харидлар ва лойиҳаларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш кун тартибида бўлди.
"2022 йил декабрь ойида бу ерда ташкил этилганидан буён, ЮНОПС Ўзбекистон аҳолиси ҳаётини ижобий ўзгартиришга катта ҳисса қўшди", деди жаноб Kaрим. "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг амалга оширувчиси сифатида ЮНОПС инсонлар ҳаётини яхшилайдиган лойиҳалар ва дастурларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш орқали одамларга хизмат кўрсатишга бел боғлаган. Ишончим комилки, ЮНОПС Ўзбекистонда бўлиб, лойиҳалар, харидлар ва инфратузилмаларни самарали бошқариш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, ҳукуматни қўллаб-қувватлаш орқали янада ривожланиш ва ҳамкорлик учун катта имкониятлар яратади", - дея қўшимча қилди у.
Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати (СЭХ) директори Баҳодир Юсупалиев ЮНОПСнинг маҳаллий инфратузилма ва харид қилиш имкониятларига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
"Биз соғлиқни сақлаш тизимининг тайёргарлигини кучайтириш миссиямизда ЮНОПС билан биргаликда ҳаракат қилаётганимиздан хурсандмиз. Ушбу ҳамкорлик барқарор ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ЮНОПС билан ишлашни давом эттиришга бўлган қатъий қароримиздан далолат беради", деди у.
Жаноб Kaрим, шунингдек, ОТБ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллари билан келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиб, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришиш йўлида аниқ стратегия ва барқарор ечимларга эга бўлиш муҳимлигини таъкидлади.
Сўнгги икки йил давомида UNOPS ташкилоти Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КОICА) Фавқулодда Вазиятларда Ёрдам Дастури орқали Ўзбекистон ҳукуматини COVID-19 туфайли юзага келган соғлиқни сақлаш ва ижтимоий-иқтисодий инқирозни бартараф этишда фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу дастур доирасида ЮНОПС етти та тиббиёт муассасасига замонавий тиббий диагностика ускуналарини етказиб бериш билан биргаликда, уларни ўрнатиш ва маҳаллий ходимларни ўқитиш ишларини ҳам олиб борди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 25 октябрь куни ЮНОПС ИcТБ кредит маблағлари билан молиялаштирилган умумий қиймати 64,8 миллион АҚШ долларини ташкил этган “Ўзбекистон Республикаси онкологик муассасаларини модернизация қилиш - II-босқич” лойиҳа шартномасини имзолади. 2022-йилнинг 23-декабр куни ЮНОПС ОТБ ва АИИБ кредит маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 160,7 миллион АҚШ долларидаги “Ўзбекистоннинг коронавирус пандемияси ва бошқа эпидемияларга чидамлилигини ошириш учун “Коронавирус пандемиясига қарши фавқулодда чоралар кўриш” бўйича лойиҳа шартномасини имзолади.
БМТнинг лойиҳалар бўйича хизмат кўрсатиш бошқармаси (ЮНОПС) ҳақида
ЮНОПСнинг миссияси - одамларга яхши ҳаёт барпо этиш ва мамлакатларга тинчлик ва барқарор ривожланишга ёрдам беришдан иборатдир. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ҳукуматлар ва бошқа ҳамкорларга лойиҳаларни бошқаришда, барқарор инфратузилма ва харидларни самарали тарзда етказиб беришда ёрдам берамиз. Батафсил маълумот: www.unops.org